ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

среда, 3 сентября 2014 г.

РЕВМАТИЗМ: юрак, қон-томир, бўғимлар хасталиги

Бош саҳифаГўзаллик ва саломатликСаломатлик соати › РЕВМАТИЗМ: юрак, қон-томир, бўғимлар хасталиги

РЕВМАТИЗМ: юрак, қон-томир, бўғимлар хасталиги

Маълумот ўрнида…
Ревматизм бириктирувчи тўқиманинг шикастланиши, яллиғланиши билан кечадиган касаллик бўлиб, асосан болалар ҳамда ўсмирларда ривожланади. Ревматизм касаллиги аста-секин ривожланувчи, охир-оқибат, беморда турли асоратларга олиб келувчи касалликдир. Ушбу касалликда организмдаги барча бириктирувчи тўқимага эга аъзолар шикастланади. Организмдаги аъзоларнинг деярли аксариятида бириктирувчи тўқима мавжуд. Ревматизм касаллигида шунингдек, юрак, қон-томирлар, бўғимлар зарарланади. Хасталик юрак қон-томир тизимида жойлашади ва катта ёшдаги аҳоли орасида меҳнатга қобилиятсизлар сонини оширади. Шунингдек, хасталик ирсий мо­йиллик хусусиятига эга бўлиб, ота-онадан бири ревматизм билан касалланган оилаларда болаларнинг кўпроқ касалланиш ҳоллари учрайди.
Касалликка  мойиллик туғдирувчи омиллар:
Касаллик қуйидаги беморларда нисбатан кўп учрайди:

-тез-тез хасталанувчи болалар;
-сурункали ангина (тонзиллит) касаллигига чалинган болалар;
-лимфаденит, фарингит билан хасталанган беморлар.
Кўп шамоллаш, зах жойларда юриш, вақтида овқатланмаслик, дам олмаслик, терлаб сув ичиш ўткир ревматик касалликларга сабаб бўлади.
Фактлар, рақамлар…
Статистик маълумотларга кўра, сурункали тонзиллит (ангина) билан хасталанган беморларнинг 30 % ида ревматизм касаллиги келиб чиқади.
Ревматизм касаллиги эркакларга нисбатан аёлларда кўп учрайди.
Ревматизм касаллиги наслий мойилликка эга.
Иммун тизим фаолияти пасайганда касаллик тезда келиб чиқади.
12-17 % беморларда ревматик хорея асорат сифатида ривожланади. Бу касаллик асосан қовоқларнинг ихтиёрсиз учиши билан кузатилади. Бу ҳолат, кўпинча қизларда 6-15 ёшда кузатилади.
Касаллик 3 ёшгача бўлган болаларда деярли учрамайди, мактабгача бўлган ёшда кам учрайди, мактаб ёшида энг кўп учраши билан характерланади.
Ревматизм касаллиги болаларда 7-15 ёшда кўп учрайди.
Ревматизм билан оғриган беморларнинг 60-100 %ида бўғим оғриқлари келиб чиқади.
Касаллик оғир кечганда, 15-18 % ҳолда юрак нуқсони билан асоратланади.
Касалликка олиб
келувчи сабаблар:
Ревматизм касаллиги бурун-томоқ касалликлари (ангина, гайморит, фарингит)дан кейин ривожланади.
Юқори нафас йўлларининг ўт­кир касалликлари тез-тез учраб турганда ревматизм билан хасталаниш хавфи ортади. Бунда ревматизм касаллиги бемор юқори нафас йўллари касалликларига чалингач, 1,5-4 ҳафта ўтгач бошланади.
Касаллик қандай белгилар билан намоён бўлади?
Бемор фарингит ёки ангина касаллигини бошидан ўтказгандан бир неча ҳафта ўтиб, касаллик белгилари юзага чиқади. Беморда умумий ҳолсизлик, бўғимларда оғриқ кузатилади. Айрим беморларда тана ҳароратининг кўтарилиши аниқланади. Ревматизм касаллигида, асосан, йирик бўғимлар зарарланади. Масалан: тизза ва тирсак. Беморларни қўл ва оёқ кафтидаги оғриқлар ҳам безовта қилади. 60-100% ҳоллардаги ревматизмнинг белгиларидан бири бўғимлардаги учувчан характердаги шишли оғриқ бў­либ, бир неча соатдан бир неча кунгача давом этади. Оғриқ тизза, болдир товон, тирсак, елка бў­ғимларида кўчиб юради. Бундай ҳолатда ностероид яллиғланишга қарши препаратларни қўллаш ях­ши самара беради.  ғриқ бирданига бошланади ва бирданига тўхтайди. Беморларнинг баъзиларида юрак уришининг секинлашиши ёки тезлашиши, кўп терлаш, ҳансираш, ҳолсизлик кузатилади.
Касаллик қандай асоратлар беради?
Ревматизм касаллигининг хавфли томони шундаки, у турли асоратларни келтириб чиқаради. Касаллик асоратлари инсон соғлигига катта путур етказади.
Бўғимлардаги оғриқ, яллиғланиш ўтиб кетади, аммо бунинг оқибатида юрак, марказий асаб тизими каби энг муҳим аъзолар шикастланади. Ревматизм касаллигида энг кўп зарарланадиган аъзо юрак ҳисобланади (90-95%). Юрак зарарланганда ҳансираш, юрак соҳасида оғриқ, санчиқ, юрак ўйнаши ва юракнинг тез-тез уриши юз беради. Юрак нуқсонлари ревматизм хуружидан кейинги 2-3 йил ичида тез ривожланади. Агар ўз вақтида даво қилинмаса, бу ҳолат ногиронликка олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, беморларда қуйидаги асоратлар келиб чиқади:
Ревматик хорея-бу касалликда юзда турли ихтиёрсиз ҳаракатлар пайдо бўлади. Кўз учади, қовоқ ихтиёрсиз равишда юмилиб очилади;
Бўғимлар шаклининг ўзгариши (деформацияси). Натижада бўғимларда ҳаракатнинг чекланиши, бўғимларнинг қийшайиши кузатилади. Бу ҳолат ҳам ногиронликка олиб келади.
Нима учун асоратлар келиб чиқади?
Кўп беморларни шу савол ўр­тайди. «Нима учун менинг боламда асоратлари келиб чиқди? Ҳамма нарсани қилдим-ку?!»
Касаллик оқибатини белгиловчи омилларга ревматизм кечишининг оғирлиги, ревматизм касаллигининг тез-тез такрорланиши, боланинг ёши, нотўғри ёки вақтида ўтказилмаган даволаш муолажалари киради. Агар даволаш эрта ва албатта, стационар шароитда ўз вақтида олиб борилса, юрак ва бошқа аъзоларнинг шикастланиши кам кузатилади.
Касаллик болаларда қандай кечади?
Сурункали тонзиллит, яъни томоқ тез-тез оғриб, яллиғланишга дучор бўлган болаларда ангина касаллигидан сўнг 10-14 кун ўтиб, ревматизм бошланиши мумкин. Касаллик болаларда катталарга нисбатан анча ўткир ва оғир шаклда кечиб, қайталанишларга мо­йил бўлишади ҳамда кўпинча юракнинг кескин шикастланиши билан кечади. Ревматизм касаллиги билан асосан мактаб ёшидаги болалар касалланади. Боланинг ёши қанча кичик бўлса, касаллик шунча ўткир, оғир ва тарқалган шаклда учрайди. Бу болалар юрак орттирилган нуқсонларининг ривожланишига, хорея, полиартрит ва бошқа хасталикларга мойил бўлади.
Касалликнинг
олдини  олиш
Организм иммунитетини ошириш;
Организмни чиниқтириш, тўлиқ ва ўз вақтида овқатлантириш;
Организмдаги сурункали касаллик ўчоқларини даволаш.
Қандай ташхис қўйилади?
шифокор-терапевт ёки ревматолог кўриги;
умумий қон таҳлили;
қонни ревматизм касаллигига махсус текшириш (ревмапроба);
юракни текшириш — ЭКГ;
юракни УТТ текшириш;
бўғимларни рентген текшириш.
Даволаб бўладими?!
Касаллик мунтазам равишда даволаб борилиши лозим:
Бунда авваламбор шифохонада фаол яллиғланишга қарши муолажалар олиб борилади.
Кейинчалик касаллик фаоллиги пасайгач, махсус ревматологик санаторияда ёки амбулатория шароитида шифокор назорати остида даво давом эттирилади.
Бунда бемор мунтазам «диспансер» назоратида бўлади, муолажалар давом эттирилади ва касаллик қайталанишининг олди олинади. Агар касаллик асоратсиз кечса, уни даволаса бўлади. Лекин касаллик турли нуқсонларни келтириб чиқарса, унда бир умр шифокор назоратида даво муолажаларини қабул қилишга тўғри келади.
Шифокор Шаҳло

Рустамова тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий