Танангиздаги “михни” асранг
— Баъзида рангим оқариб, ҳолсизланиб қоламан.
Айримлар камқонлик касаллигига чалингансиз, дейишса, бошқа биров сизда темир
моддаси етишмайди, дейди. Аслида, булар алоҳида касалликми?
Мадина ҲАМРОҚУЛОВА, Марғилон шаҳри
Ушбу
мурожаат юзасидан Тошкент тиббиёт академиясининг болалар ва ўсмирлар
овқатланиш гигиенаси кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор
Гули ШАЙХОВАга мурожаат этдик.
— Камқонлик
нафақат турли касалликларда, балки айрим физиологик ҳолатларда, яъни
ҳомиладорлик вақтида, организмнинг ўсиши ва оналарнинг эмизикли даврларида ҳам
юзага келади, — дейди Гули Шайхова. — Кўп қон йўқотиш натижасидаги
қувватсизлик, заҳарланиш билан боғлиқ суяк касалликларидаги камқонлик сабабли
темир моддаси танқислиги келиб чиқади.
Камқонликнинг
5 та асосий тури бўлиб, энг кўп учрайдигани темир моддаси танқислиги
ҳисобланади.
— Баҳор
фасли камқонликка сабаб бўлади, дейишади. Аслида камқонлик мавсумга боғлиқми?
—
Албатта боғлиқ. Чунки қиш фаслида турли табиий озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳўл
мевалар, полиз экинлари кам бўлади. Баҳорга чиққан организм эса айни турдаги
маҳсулотларга кўп эҳтиёж сезади.
Организм
ўзига керакли айрим миркоэлементларга қишда тўймайди. «Илик узилди» пайти
бўлади. Шунинг учун дармондорилар камлиги сабаб тез чарчаш кузатилади. Ёз
ойларида ҳам киши ҳолсизланиб, терлайди ва танадаги барча зарур моддалар чиқиб
кетади. Натижада камқонлик кузатилади.
— Темир
моддасининг ор-ганизм учун аҳамияти тўғрисида тўхталсангиз.
— Бу
микроэлемент инсон организми учун жуда керакли бўлиб, мураккаб физиологик
жараёнларда иштирок этади ва энг муҳим вазифаларни бажаради. Одам вужудида
4000-5000 миллиграммга яқин темир микроэлементи мавжуд. Унинг 56 фоизи қизил
қон таначаларида, 30 фоизи жигарда, суякда, ферритин шаклида, 9 фоизи
мушакларда, 1-2 фоизи қон зардобида, 3-4 фоизи тери ва бошқа тўқималарда
бўлади.
Одам
танасидан кунига 1-1,2 миллиграммга яқин темир моддаси чиқиб кетади. Агар овқат
билан ўрни қопланса, унга эҳтиёж сезилмайди.
— Темир
моддаси танқислигининг сабаби нимадан иборат?
—
Гормонал бузилишлар, овқат ҳазм қилиш тизими, буйрак касалликлари, организмда
сўрилиш жараёнининг бузилиши, аёлларда бачадон дисфункциясидаги қон кетишлар,
бунинг асосий сабабидир. Болаларда, ўспиринларда, эмизикли оналарда темирга бўлган
эҳтиёжнинг ортиши, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак, йўғон ичаклардаги
яллиғланишлар болаларда гижжаларни узоқ даволамаслик оқибатида ҳам темир
моддасига эҳтиёж кучаяди.
Камқонликнинг
асосий сабаблари бу, организмда темир моддаси, В12 дармондориси ва
оқсилнинг танқислигидир. Вақтида овқатланмаслик, сурункали қон йўқотишлар
касалликни ривожлантиради.
—
Ҳомиладор аёлларга уш-бу хасталикнинг қандай таъсири бор?
—
Ҳомиладорлик даврида тахминан 600-900 миллиграмм темир моддаси онадан болага
ўтади. Аёл организмида ушбу модданинг етишмовчилиги камқонликнинг ривожланишига
олиб келади. Бундай онадан туғилган бола организми ҳам камқонлик ривожланишига
мойил бўлади. Кичик ёшли болаларда камқонлик ва темир танқислигининг
ривожланиши касалликларга олиб келади. Ҳомиладор аёллар икки баробар кўп
овқатланиши керак. Соғлом она ҳомилага 300 миллиграмм темир моддасини бериб,
йўлдошига эса 200 миллиграммни сарфлайди. Соғлом она организмидаги темир
моддаси захираси нафақат ҳомиладорликда, балки болани эмизиш даври учун (2 йил)
ҳам бемалол етади. Ҳомиладор аёлларда камқонликнинг ривожланиш сабаби унинг
вужудида аввалроқ темир моддасининг камайиб кетишидир. Шунинг учун ҳам туғиш
ёшидаги аёллар доимий шифокор назоратида бўлишлари зарур.
—
Камқонлик болага қандай таъсир қилади?
— У
болаларнинг психомотор ривожланишига таъсир қилади ва бола ривожланишда соғлом
тенгдошларига нисбатан орқада қолади, мактабда яхши ўқий олмайди. Ақлий
ривожланиш кўрсаткичлари соғлом болаларники билан солиштириб кўрилганда
сезиларли даражада фарқ борлиги, яъни камқон болалар бу кўрсаткич бўйича ҳам
орқада қолиши аниқланган. Шуни унутмаслик керакки, болалар бир суткада
таркибида камида 17 миллиграмм темир моддаси бор маҳсулотларни истеъмол қилиши
керак.
—
Касалликнинг олдини олиш учун нималар қилиш лозим?
— Айни
баҳор фаслида қатиққа редиска, турли кўкатлар аралаштириб 400-500 граммдан
истеъмол қилиш керак. Баъзи келинчаклар қайнона-қайноталарининг олдида уялиб,
кўп овқатланишмайди. Бу ҳам турли касалликларни, жумладан, камқонликни келтириб
чиқаради.
Овқатланиш
тартибини бузмаслик, темир моддаси сўрилишини яхшилаш, организмнинг темир
йўқотишининг олдини олишга асосий эътиборни қаратиш зарур.
Бу
касалликни турли дармондорилар ва микроэлементлар билан даволаш яхши натижа
бермайди. Темир микроэлементига бой бўлган махсус препаратлардан фойдаланиш
керак. Шу билан бирга, ун, ош тузи ва сут маҳсулотлари, мол жигари ва тили,
қуён, парранда ва қўй гўшти маҳсулотларини истеъмол қилиш керак.
Маълумот:
Инсон
танасидаги жами темир моддаси битта мих тайёрлашга етар экан!
«Оила даврасида» мухбири Жонибек МАЪРУПОВ суҳбатлашди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий