ЖИСМОНИЙ ҲАРАКАТ - СОҒЛОМЛАШТИРУВЧИ КУЧ
Ҳаракат умрга баракат, дейдилар. Бу гапда чуқур
маъно бор.
Чунки, жисмоний ҳаракат билан мунтазам
шуғулланиб туриш организмда ёғлар алмашинувини меъёрлаштиради ва атеросклероз
касаллигининг олдини олади. Доимий машқлар юрак мускулини қон билан таъминловчи
артериялар ишига ижобий таъсир этиб, қоннинг юришини яхшилайди. Фаол ҳаракатлар
таъсирида қоннинг эритроцитлар миқдори кўпайиб, модда алмашинуви янада
яхшиланади. Жисмоний ва ақлий иш қобилияти ортади. Кам ҳаракатлилик туфайли,
кишининг фаоллиги сусайиб, сиҳат-саломатлиги ёмонлашади.Бундай ҳолат тиббиётда гиподинамия (кам ҳаракатчанлик) ва гипокинезия (мускуллар ҳаракатининг сусайиши) дейилади. Кам ҳаракатлилик туфайли, энг аввало марказий нерв тизими хасталанади, уйқу бузилади, мантиқий фикрлашда хатоликларга йўл қўйилади, диққатни бир жойга жамлаш қийинлашади, ҳаракатни уйғунлаштириш ва вақтни ҳис этиш қобилияти пасаяди.
Хўш, ана шундай ҳолатлар, яъни гиподинамия ва гипокинезиянинг бугунги кунда аҳоли орасида кўпайиб бораётганига сабаб нима?
Бунинг асосий сабаби, аввало кишилар ҳаётининг моддий ва маиший жиҳатдан яхшиланганлиги, меҳнат шароитларининг енгиллашганлигидир. Ишлаб чиқариш соҳалари ўта тараққий этаётганлиги учун кишилар тобора камҳаракат бўлиб бормоқда, жисмоний меҳнат асосан механизмлар, машиналар ва компьютерлар зиммасига юкланмоқда. Кишиларнинг турмуш тарзида ҳам қатор ўзгаришлар рўй берди: энди уйни иситиш учун ўтин ёрилмайди, сув тайёр. Ишга автобус ёки енгил машиналарда борилади. Натижада камҳаракат кишилар касалликларга, биринчи навбатда юрак хасталигига мойил бўлиб қолаяпти.
Афсуски, ҳозирга қадар бадани қуруқшаган ёки кўпчиган, ҳали ёши 40 га етмасдан туриб танасида қарилик аломатлари яққол сезилиб турган кишиларни баъзан учратамиз. Уларнинг яшаш тарзига разм солсак, камҳаракатлилик, меъёридан ортиқ овқат ейиш, сигарета чекиш, ичкилик ичиш туфайли бир маротаба инъом этилган ҳаётнинг қадрига етмаётганликлари аён бўлади. Чунки жисмоний фаоллик кишилар учун нафақат маънавий, балки муҳим биологик зарурат ҳамдир.
Канадалик машҳур нейрофизиолог Ганс Селье «Агар биз мускулларимизни машқ қилдирмасак, улар шалвираб қолиб, атрофияга учрайди, негаки, меҳнат бизга ҳаво, озиқ-овқат, уйқу каби зарурдир» деганида ҳақ эди.
Чиндан ҳам фаол ҳаракат ёрдамида киши ҳаётидаги руҳий кечинмалардан ўзини чалғитиш мумкин. Киши асабий ҳолатларни куч талаб қиладиган жисмоний машқларни бажариш орқали енгиб ўтади. Абу Али ибн Сино таъкидлаганидек, «бадантарбияни тарк этган одам кўпинча ҳароб бўлади, чунки ҳаракатсиз қолган аъзоларнинг қуввати заифлашади».
Бундан икки ярим минг йил аввал Юнонистонда улкан қоя тошлардан бирига «Агар сен бақувват бўлишни истасанг — югур, чиройли бўлишни истасанг — югур, ақлли бўлишни истасанг ҳам югур» деган ҳикматли сўзлар ўйиб ёзилган. Камҳаракатлилик ва ақлий фаолият билан доимий шуғулланиш ўқувчи ва талабаларнинг организмига ҳам маълум маънода салбий таъсир кўрсатади. Бундай пайтда улар тез чарчаб, дарсни яхши ўзлаштира олмайдилар. Аслида спорт билан шуғулланиш ўсмир йигит-қизларнинг соғ-саломат ва маънавий етук шахс бўлиб етишишлари учун ҳам жуда фойдали. Шуни унутмаслик керакки, ҳаракат фаоллиги чекланган ҳар қандай ёшдаги киши юқумли касалликларга тез берилувчан бўлиб қолади. Шундай экан, ҳар бир одам ҳеч бўлмаганда кечқурун сайр қилиши, эрталаб енгил бадантарбия билан шуғулланиши, боғдаги юмушларни бажариши мумкин.
Жисмонан бақувват соғлом одам шавқ-завқ билан ҳаёт кечиради, дард ҳам яқин йўламайди.
Шунинг учун биз сизга кундалик тетиклаштирувчи машқларни бажаришингизни тавсия қиламиз:
1-машқ:
Стол ёки стул қиррасини ушлаб, чўккаланг. Сўнг ўтиринг. Оёқ учида туринг — бир, ўтиринг, тиззаларни ёзинг — икки, оёқ учида туринг — уч, товонни босинг — тўрт.
2-машқ:
Қўлларни столга қўйинг ва бир неча марта оёқ учида кўтарилинг, сўнг оёқларни икки қадам орқага ташланг, гавда сал эгилган ҳолатда бўлсин. Гавдангиз билан ўнг ва чапга айланма ҳаракат қилинг.
3-машқ:
Қўлларни кўкракка қўйинг. Бўйин ва елкани бў-шаштириб, эгилинг, ҳар эгилганда танани олд томонидан юқоридан пастга-тиззагача, кейин тўпиққача, қўлингиз етганча силанг.
4-машқ:
Оёқларни елка кенглигида очиб, чап оёқни букинг, қўлларни эса ўнг оёқ томон чўзинг ва аксинча бажаринг.
5-машқ:
Оёқларни елка кенглигидан кенгроқ қўйинг, чап оёқни букиб, қўлларингизни оёқ панжасига теккизинг. Агар машқни бажаришга қийналсангиз, яхшиси оёқ учига чап қўлни теккизиб, ўнг қўлни белга қўйинг. Шу машқни ўнг томон билан ҳам такрорланг.
6-машқ:
Оёқлар елка кенглигида, қўллар белда туради. Чап томонга эгилиб, ўнг қўлни бош устига кўтаринг ва аксинча бажаринг.
Маъмура САЛОМОВА, Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институтининг «Спорт тиббиёти ва Даволовчи жисмоний тарбия» кафедраси ўқитувчиси.
Комментариев нет:
Отправить комментарий