ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 22 ноября 2016 г.

а й р и л и к


Эринмай ширадай тўкилди сабр,
Сабримга қўшилиб тўкилди қоним.
Дунёнинг ўзидан кенг эди бағир,
Сен нега бағримга сиғмадинг, жоним?

Ёшимни тўкмадим, кўзга сиғдирдим,
Дардимни пинҳона бўзга сиғдирдим,
Дунёни бир оғиз сўзга сиғдирдим,
Сен нега бағримга сиғмадинг, жоним?

На тоза ҳаволи эди бу дунё,
На дардга даволи эди бу дунё,
Андак муаммоли эди бу дунё,
Сен нега бағримга сиғмадинг, жоним?

Кимнинг байрами-ю, кимга мотамман,
Ким учун хасисман, кимга ҳотамман,
Бўшлиқни пайпаслаб юрган одамман,
Сен нега бағримга сиғмадинг, жоним?

Қайсарман, ҳеч кимдан қолишмас эдим,
Ҳатто Худо билан келишмас эдим,

Сени биров билан бўлишмас эдим,
Сен нега бағримга сиғмадинг, жоним?

Кўксимга оёқлар ботди – жим турдим,
Меҳр берганларим сотди – жим турдим,
Бегоналар ҳукмин айтди – жим турдим,
Сен нега бағримга сиғмадинг, жоним?

Меҳрини тугатди бор суйганларим,
Остимдан сирғалиб тушди эгарим,
Юрагимни юлиб олди жигарим,
Сен нега бағримга сиғмадинг, жоним?

Мен-ку қисматимни илғаганим чин,
Кўз ёшимни тўкмай йиғлаганим чин,
Дунёнинг бағрига сиғмаганим чин…
Сен нега бағримга сиғмадинг, жоним..

Комментариев нет:

Отправить комментарий