Мастопатия
Бу касалликни ўз
вақтида даволатмаслик қандай оқибатларга олиб келади?
Кўкрак бези касалликлари орасида энг кўп учрайдигани
мастопатия хасталигидир. Статистик маълумотларга қараганда, бу касаллик 50-80 фоиз аёлларда учрайди ва 20-25 ёшдан 45-50
ёшгача бўлган аёлларда кузатилади.
Мастопатия ёки бошқача қилиб айтганда, кўкрак безининг фиброз-кистоз касаллиги натижасида кўкрак бези тўқимасида бир қатор ўзгаришлар юзага келади. Мастопатия касаллигини тиббий тилда кўкрак бези тўқимасининг дисгормонал гиперплазияси деб айтиш мумкин. Яъни, аёл
кишининг организмида рўй берган гормонал номутаносибликлар натижасида
кўкрак безида фиброз тўқиманинг ўсиши кузатилади.
Мастопатия
касаллигининг келиб чиқишида асосий роль ўйнайдиган омилларга қуйидагилар киради:
хасталикка наслий мойиллик, аёл организмидаги гормонал ўзгаришлар, асаб
тизимининг ҳолати, атроф-муҳит, экология ва албатта овқатланиш тарзи.
Кўкрак бези
тўқимасидаги ўзгаришлар аёл кишидаги мавжуд бўлган гинекологик касалликлар
билан узвий боғлиқдир. Булардан узоқ вақт давом этган тухумдон ва бачадондаги
яллиғланиш жараёнлари, кўп марта амалга оширилган сунъий абортлар мастопатия
касаллигининг келиб чиқишига асосий сабаб бўлиши мумкин. Жинсий ҳаётнинг
мунтазам тарзда бўлмаслиги ҳам баъзи ҳолларда мастопатия касаллигининг юзага
келишига сабаб бўлади.
Мастопатия
касаллигининг биринчи белгиси – оғриқдир. Оғриқ одатда ҳайз кўришдан бир
ҳафта-ўн кун олдин бошланади. Баъзи ҳолларда қўлтиқ остига ва елка соҳасига
тарқалади. Кўкрак безлари шишади, оғирлашиб, қаттиқлашиб қолади. Ҳайз келиши
билан бу ҳолат ўтиб кетади. Кўкрак безидаги бу ўзгаришлар мастопатия
касаллигининг бошланғич белгиларидир.
Мастопатия касаллиги
кўп йиллар давомида секин-асталик билан ривожланиб боради. Авваламбор, кўкрак
бези тўқимасида қаттиқлик, сўнгра эса майда-майда тугунчалар пайдо бўлади,
бориб-бориб сўрғичдан шилимшиқ суюқлик ажралиш ҳолатлари кузатилиши мумкин.
Касалликни эрта
аниқлаш ва уни олдини олиш учун аёл киши доимо ўзининг кўкрак безларини
текшириб туриши лозим. Бунинг учун энг қулай вақт ҳайз даврининг 5-10 кунлари
ҳисобланади. Аёл киши чўмилаётган вақтида қўлларини юқорига кўтарган ҳолда,
кўкрак безларини ва қўлтиқ ости соҳасини навбатма-навбат пайпаслаб кўриши
лозим. Сўнгра текширувни ойна олдида тик турган ҳолатда давом эттириш керак.
Бунда яна қайтадан қўлларни галма-галдан юқорига кўтариб, кўкракни ва қўлтиқ
ости соҳасида қаттиқлик, шиш, қизариш ёки бирор бошқа ўзгариш бўладиган бўлса,
аёл дарҳол мутахассисга мурожаат этиши шарт.
Агарда аёл кишига мастопатия ташхиси қўйилса, у доимо
шифокор назоратида бўлиб туриши керак. Мастопатия касаллигини даволаш беморнинг
умумий ҳолати, ёши ва касалликнинг ривожланиш даражасини ҳисобга олган ҳолда
олиб борилади. Даволаш воситалари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин: витаминлар,
фитотерапия, ферментли препаратлар, биологик фаол қўшилмалар, гомеопатик
воситалар ва парҳез. Бунда қаҳва, аччиқ чой, какао,
шоколад, кола ичимлигини истеъмол қилишни чегаралаш керак. Ўсимлик
клетчаткасига бой таомларни истеъмол қилиш ва бир кунда 1,5-2 литрдан ортиқ
суюқлик ичмаслик керак.
Баъзи ҳолларда
индивидуал равишда, тўғри танланган кам дозали "орал контрацептивлар"
(ҳомиладорлик ривожланишини олдини олувчи препаратлар) ҳам мастопатия
касаллигига нисбатан ҳам даволаш, ҳам профилактика воситаси бўлиши мумкин.
Лекин шифокор билан маслаҳатлашмасдан туриб, даволаш воситаларини қабул
қилишлари мақсадга мувофиқ бўлмайди. Мутахассис беморни мукаммал равишда
текширувдан ўтказгандан кейингина даво муолажаларини буюради.
(давоми бор эртага босилади)
Комментариев нет:
Отправить комментарий