Негадир, эсимда йўқ… ёхуд хотирангиз нега заиф?
Уйдан
чиқиб эшикни қулфлагандан кейин баъзан ўйланиб қоламиз: телевизорни ўчирдимми,
газни-чи? Эшикни қулфладимми? Ўзига ишонмагач, изига қайтиб бошқатдан текшириб
кўрадиганлар ҳам бор.
Бу
ҳолатлар инсон хотираси билан боғлиқ эмас. Балки невроз аломатларидан даракдир.
Бу қандай касаллик?
Одатда
бирор нарсани хотирасида сақлай олмайдиган ёки эсида турмайдиган кишига
нисбатан «склероз» атамасини ишлатамиз. Аслида, склерознинг ўзи касаллик эмас.
Бу — инсон турли органларининг емирилиши ёки фаолиятининг издан чиқишига олиб
келадиган жараёндир. Склерознинг бир нечта тури бор. Шулардан ёшу қари орасида
энг кўп тарқалгани — паришонхотирлик склерози бўлиб, унинг оқибати хотира
сустлашишига олиб келади.
Паришонхотирлик
склерози — бош ва бел, мия қисмларидаги алоҳида оқ моддаларнинг бузилиши билан
характерланадиган асаб тизимининг сурункали касаллигидир. Хасталикнинг келиб
чиқиш сабаби аниқ бўлмаса-да, уни одам иммун тизимининг сустлиги билан
боғлашади. Шунингдек, касаллик оддийгина эътиборсизлик, масъулиятсизлик ва
инсонда унга қарши курашишга бўлган истакнинг йўқлиги билан изоҳланади.
Гап нимада?
Келинг,
хотирамиздан ахборотларнинг «ўчиб» кетиш сабабларини кўриб чиқамиз.
Биринчидан, айрим инсонлар баъзи масалаларда бепарво
бўлишни ўзига эп кўради. Чунки улар бу хусусиятни камчилик деб ҳисобламайди.
Бундай кишиларда уюшқоқликнинг мавжуд эмаслиги ҳамда тарқоқлиги, улар
томонидан бирор ишни, юмушни, топшириқни бажаришга бўлган иштиёқнинг йўқлигида
намоён бўлади. Аслида, ҳар бир инсон диққатини бир жойга жамлаб, зиммасидаги
вазифаларни сидқидилдан бажаришга қодир.
Иккинчидан, агар одам бирор нарсани умуман хоҳламаса,
хотира уни ўзининг «реестр»идан ўчириб ташлайди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, инсон ўз туғилган санаси ёки
ишхонада ойлик оладиган кунини эсидан чиқара оладими? Йўқ, албатта. Энди бошқа мисол. Унга
берилган бирон ёқимсиз топшириқни бажариш ёки бировдан олган қарзини
қайтариш-чи? Бу шубҳасиз риторик савол.
Учинчидан, хотиранинг аҳволи инсон асаб тизимининг
соғломлиги билан бевосита боғлиқ. Организмни ҳаддан ортиқ зўриқтириш, ҳар
қандай арзимас нарсаларга асабийлашиш, бўлиб ўтган салбий воқеалар учун ўзини
айбдор, деб ҳис қилиш, табиийки, хотирага жиддий шикаст етказади. Оқибатда бу
инсонга катта кулфат келтиради: киши ўзини йўқотиб қўяди, иштаҳа бўлмайди,
ҳатто, исмини унутиши ҳам ҳеч гап эмас.
Мияни бойитинг ва бўшатинг
Инсоннинг
ҳар бир органига эътибор зарур бўлганидек, хотирани мустаҳкамлашда ҳам мияга
парвариш керак. Бунинг учун бирон фойдали машғулот билан шуғулланиш, дейлик,
хорижий тилни ўрганиш, калькуляторсиз ҳисоб-китоб қилиш, зеҳнни ишлатадиган
турли жумбоқ ва мантиқий саволларни кўпроқ ечиш тавсия этилади.
Тиббий
жиҳатдан эса овқатланиш рационига жиддий эътибор зарур. Таркиби углеводларга
бой — сабзавот, гуруч, макарон, дуккакли ўсимлик маҳсулотларни кўпроқ истеъмол
қилиш керак. Бундан ташқари, турли кўкатлар, таркибида эфир мойи бўлган ва
овқатга доривор сифатида ишлатиладиган аччиқ ўсимликлар ҳам яхши фойда беради.
Мияга
кальций, рух ва асал ҳам даркор. Кальций сут-қатиқ маҳсулотларида, рух
эса буғдойда кўп. Ҳар куни лавлаги шарбатини ичиб туриш хотиранинг мустаҳкам
бўлишига хизмат қилади.
Эсида
турмайдиган, унутувчан кишини атрофдагилар жиддий одам сифатида қабул қилмайди.
Бу эса инсоннинг нафақат соғлиги, балки шахсий ҳаёти ва меҳнат фаолиятига ҳам
салбий таъсир кўрсатади.
Шунинг
учун ўзингизда паришонхотирлик аломатларини сезсангиз, юқорида келтирилган
маслаҳат ва тавсияларга амал қилинг. Унутманг, атрофдагиларнинг хотирангизга
ишониши ва суянишига эришиш — ўз қўлингизда.
Елена
ЛИ ,олий тойфали шифокор,невропотолог
Комментариев нет:
Отправить комментарий